Россия ва Ўзбекистон: меҳнат мигрантлари учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда

Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари А.Пудов бошчилигида Қурилиш ва уй-жой хўжалиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Роструд, Москва ҳукумати ҳамда “Роскапстрой”, “Нострой”, “Наймикс”, “Альмас-интеграл”, “ПИК Индустрия”, “Ренейссанс Хэви Индастрис”, “Яндекс” каби йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делагациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида пойтахтимиздаги “Ишга марҳамат” мономарказида жорий йилнинг 10 сентябрь куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилгани хабар қилинган эди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида делегация ташрифи якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Брифингда Россияда Ўзбекистон фуқароларини меҳнат фаолиятини ташкил этиш учун кўрилаётган чоралар юзасидан маълумот берилди.

Хусусан, Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳаси бошланмоқда.

Шунингдек, икки давлат тегишли вазирлик ва идоралар масъул вакиллари иштирокида фуқароларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш, меҳнат мигрантлари соғлиғини муҳофаза қилиш, ички ишлар органлари ваколатига тегишли масалаларга бағишланган муҳокамалар ташкил этилди.

Россия Федерацияси меҳнат миграцияси бўйича делегациясининг мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича қуйидагиларга эришилди:

1. Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида 10 минг меҳнат мигранти яқин вақт давомида соддалаштирилган тартиб асосида Ўзбекистондан Россияга ишга жалб қилинади.
Номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.

2. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни «COVID-19сиз саёҳат» иловаси тизимига интеграция қилиш.

3. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширишга келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида эришилган келишувлар ушбу давлатда ишлаш истагида бўлган кўплаб юртдошларимиз учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига олиб келади.

Источник: Агентство по внешней трудовой миграции [Узбекистана]

Закладка Постоянная ссылка.

Обсуждение закрыто.